



Ўзбекистонда “ақлли шаҳар“ экотизимини илғор хорижий тажриба асосида ривожлантириш, соҳада юқори малакали кадрлар таркибини шакллантириш мақсадида Инноватсион ривожланиш агентлиги ва Малайзия “Ақлли“ шаҳарлар алянси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланган.
Агентлик ҳамда Илм-фанни молиялаштириш ва инноватсияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси вакиллари ҳамкорлик ишларини режалаштириш ва тегишли тадбирларни белгилаб олиш мақсадида ташкилот раҳбарияти ва мутахассислари билан учрашдилар.
Ўзаро мулоқот давомида алянс раҳбари доктор Раслан Аҳмад Малайзияда “ақлли шаҳар“ ларни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот қилди.
Ўзбекистонда “ақлли шаҳар“ технологияларини ривожлантириш бўйича фикрлар алмашиниб, ҳамкорлик йўналишлари бўйича амалий ишлар ва Малайзия вакилларининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишга келишиб олинди.
Малайзия "Ақлли" шаҳарлар алянси 2018-йилда ташкил этилган. Ташкилот давлат тузилмалари, хусусий компаниялар, инвесторлар, ўрта ва кичик бизнес, илмий-таълим муассасаларини бирлаштиради. "Ақлли" ва барқарор шаҳарларни ривожлантириш йўналишида давлат-хусусий шериклигини йўлга қўйиш, илғор тажриба алмашиш, "ақлли шаҳар" инноватсион, технологик ва барқарор ечимлар алмашинувини рағбатлантириш, анжуман ва кўргазмалар ташкил қилиш билан шуғулланади.