
Илмий лабораториялар учун муҳим босқич
Янгиланган тартибнинг устунлиги нимада?
Ҳаётимизни ўзгартирадиган, жамият ривожига ҳисса қўшадиган ихтиролар, инновацион ғоялар, аввало, илмий изланишлар қилинадиган лабораторияларда шаклланади.
Чунки айнан шу муҳитда янги фикрлар тажриба орқали синовдан ўтказилади, назарий билимлар амалиётга татбиқ этилади. Бироқ лабораторияларда етарлича замонавий асбоб-ускуналар мавжуд бўлмаса, илмий тадқиқотлар самарадорлиги пасаяди, яратилган ғояларни тўлиқ синовдан ўтказиш имконияти чекланади. Шу боис, илмий инфратузилмани мустаҳкамлаш, лабораторияларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш инновацион ривожланишнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.
Бугунги глобал рақобат шароитида илмий натижадорлик кўп жиҳатдан айнан лабора- тория имкониятлари билан белгиланмоқда.
Қайси давлат илмий инфратузилмани тезроқ ва самаралироқ янгиласа, ўша мамлакат ин- новациялар пойгасида устунликка эга бўлади. Шу нуқтаи назардан, лабораторияларни жиҳозлаш тартибини такомиллаштириш масаласи стратегик аҳамият касб этади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 17 февралдаги «Илмий фаолият соҳасидаги ташкилотларни лаборатория асбоб-ускуналари, сарфлов материаллари ва бутловчи қисмлар билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори асосида янги тартиб жорий этилди. Агар илгари асосий эътибор лабораторияларни жиҳозлашнинг ўзига қаратилган бўлса, энди устуворлик илмий фаолиятни самарали ташкил этиш, эҳтиёждан келиб чиқиб бошқариш ва натижага хизмат қилувчи инфратузилмани шакллантиришга берилмоқда.
Қарорнинг энг муҳим жиҳатларидан бири жараёнларнинг рақамлаштирилган бошқарув тизимига ўтказилишидир. Яъни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига Илмий лаборатория асбоб-ускуналари ягона электрон платформасини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Махсус ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш белгиланган тартибда Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бўлиши кўзда тутилган. Энди лаборатория ускуналарига бўлган эҳтиёжни шакллантириш, буюртма бериш ва кўриб чиқиш ягона электрон платформа орқали амалга оширилади.
Бу эса инсон омили таъсирини камайтириб, шаффофликни оширади, қарор қабул қилиш жараёнини тезлаштиради. Натижада илмий ташкилотлар ўз тадқиқотларини ортиқча бюрократик тўсиқларсиз давом эттириш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, харид тизими мослашувчан шаклга ўтказилди. Олдин буюртмачи ташкилот лойиҳалар портфелини уч йилда бир маротаба юқори турувчи таш- килотга тақдим этиши мумкин эди. Кейин эса улар ҳужжатларни вазирликка юборар, ундан кейин эксперт гуруҳи томонидан кўриб чиқилар ва маъқуллангачгина харид жараёнига киришилар эди. Бу эса амалда лабораториялар зарур ускунани кутиб вақт кетказишига олиб келади. Натижада қайсидир тажриба, илмий жараён чўзилиб кетаверарди. Ваҳоланки, илмий тадқиқотлар вақт билан чамбарчас боғлиқ. Кечикиш натижадорликка салбий таъсир кўрсатади.
Энди эса илмий фаолият олиб борувчи ташкилотларда буюртмалари бўйича харидни амалга ошириш имконияти мавжуд. Бунда йирик харидлар марказлашган тартибда амалга оширилади. Марказлашган давлат ха- ридларини амалга ошириш учун Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ҳар йили январь ойида илмий фаолият йўналишлари учун зарур асбоб-ускуналар, сарфлов ма- териаллари ва бутловчи қисмларни харид қилиш бўйича комиссия ташкил этилади.
Харидлар энг яхши таклифларни танлаш асосида бўлади. Кичик ҳажмдаги зарур уску- наларни харид қилиш эса илмий ташкилотларнинг махсус ахборот тизими орқали юборилган аризасига асосан амалга оширилади.
Шунингдек, қарор асосида илмий фаолиятнинг реал эҳтиёжларига асосланган режалаштириш тизими жорий этилди. Энди жиҳозлаш жараёни умумий режалар асосида эмас, балки аниқлаштирилган илмий лойиҳалар, диссертациялар ва тадқиқот йўналишлари эҳтиёжидан келиб чиқиб шакллантирилади. Бу эса илмий инфратузилмани бевосита илмий натижадорлик билан боғлайди.
Яна бир муҳим жиҳат, илмий ташаббус- нинг пастдан юқорига қараб шаклланиши бўлди. Энди лаборатория ускуналарига бўлган эҳтиёж ташаббуси лойиҳа раҳбарлари ёки илмий бўлинмалар томонидан илгари сури- лиши мумкин. Бу илмий жараённи марказдан эмас, балки тадқиқотнинг ўзи орқали бошқариш имконини яратиб, илмий ходимлар фаоллигини оширади. Уларни қарор қабул қилиш жараёнига бевосита жалб қилади ва амалий эҳтиёжларни шакллантиради. Янги тизим фақат техник жиҳозлаш билан чекланиб қолмайди, инсон капиталини ривожлантиришни ҳам назарда тутади. Айтайлик, илмий фаолият билан шуғулланувчи ташкилотларда харид қилинадиган лаборатория асбоб-ускунасидан фойдаланиш бўйича малакали ходим- лар бўлмаса ёки ходимлар малакасини ошириш зарурати туғилса, уларни икки ҳафтагача етакчи хорижий илмий ташкилотларга илмий стажировкага юбориш мумкин. Бу ўзгариш алоҳида аҳамиятга эга. Чунки замонавий уску- на ўз-ўзидан натижа бера олмайди — уни тўғри ишлата оладиган мутахассис керак. Янги қарор айнан шу муаммони ҳам қамраб олгани билан муҳим. Бу эса илмий инфратузилма ва илмий салоҳият ўртасидаги узвий боғлиқликни таъминлайди.
Умуман олганда, янги тартиб илмий лабораторияларни жиҳозлашга оид оддий таъминот моделидан замонавий бошқарув моделига ўтишни англатади. У шаффофликни оширади, илмий ташаббусни қўллаб-қувватлайди, харид жараёнларини тезлаштиради, асосийси, илмий натижадорликни марказий мақсадга айлантиради. Энди лабораторияларга фақат ускуналар жамланмаси эмас, балки илмий натижа яратиладиган самарали экотизим сифатида қаралмоқда. Бу эса, ўз навбатида, илмий ишланмалар сифати ошишига, инновацион ғояларнинг тезроқ амалиётга жорий этилишига хизмат қилади. Шунингдек, янги тартиб орқали илмий ташкилотларда масъулият ва мустақиллик мувозанати таъминланади: бир томондан, уларга кенг имкониятлар яратилади, иккинчи томондан, натижа учун жавобгарлик кучаяди. Бу эса бутун тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилади.