











30-июн – Ёшлар куни мамлакатимизда кенг нишонланиб, ёш авлодга бўлган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик намоёни сифатида юксак руҳда ўтди. Шу муносабат билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида ҳам тизимда фаолият юритаётган ёш ходимлар учун байрамона тадбир ташкил этилди.
Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори Жонибек Тавакалов сўзга чиқиб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири номидан самимий табрикни ўқиб эшиттирди.
Табрикда давлатимиз раҳбари томонидан ёшларга берилаётган устувор эътибор, улар учун яратилаётган кенг имкониятлар, айниқса, уларнинг ўз салоҳияти ва ижодий ғояларини рўёбга чиқариш йўлида қилинаётган ислоҳотлар алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Ёшлар дафтари”, “Ёшлар академияси”, “Ёшлар стартаплари”, “Ижод мактаблари”, “Беш ташаббус олимпиадаси” каби ташаббуслар ёшларга билим олиш, илм-фан билан шуғулланиш, инноватсион фаолиятга кириб бориш учун кенг имконият эшигини очиб бераётгани таъкидланди.
Қайд этилганидек олий таълим ва илм-фан соҳасида фаолият юритаётган ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиш вазирлик сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Тадбир якунида вазирнинг фаол ёш кадрларга байрам табрикномаси ва эсдалик совғалари тақдим этилди.